Ироқда гаровга олинган Жанубий Кореялик фуқаро ҳозирда соғ-саломат.

Бу ҳақида уни гаровга олган жиноий гуруҳ билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлган Жанубий Кореялик ишбилармонлардан бири хабар қилди. Қуролли гуруҳ вакиллари эса Жанубий Корея Ироқдаги ҳарбийларини олиб чиқиб кетмаса, гаровга олинган кореялик фуқарони ўлдиришга таҳдид қилиб, муддат белгилаган эдилар. Бу муддат кеча оқшом якунига етди.
Жанубий Корея Ташқи Ишлар вазирлиги расмийси Шин Бон Кил шундай деди:
«Биз ўз фуқаромизни қутқариш учун барча чораларни кўраяпмиз. Кўплаб мамлакатлар ва ташкилотлар, жумладан, БМТ билан, минтақада таьсир кучига эга бўлган ОАВ — Ал-Жазира ва Ал-Арабия телеканаллари билан мулоқотга киришдик», — деди Жанубий Корея Ташқи Ишлар вазирлиги расмийси.
Расмий Сеул эса Ироққа яна уч минг аскар жўнатиш ҳақидаги қарорини ўзгартирмаслигини билдирди. Ҳозирнинг ўзида Ироқда 600 та Жанубий Кореялик аскар бор.
Бугун Ироқдаги барча Жанубий Кореялик аскарларни эвакуация қилишга қарор қилинди.
Бугун Бағдодда рўй берган отишма чоғида бир америка ҳарбийси ўлдирилди, 6 нафари жароҳатланди.
Ироқнинг Баакуба шаҳрида эса кеча кун давомида Америка ҳарбийлари икки маротаба ўққа тутилди. Отишмалар чоғида уч нафар ҳарбий жароҳатланди.
Абу-Ғрайб қамоқхонасидан эса ироқлик маҳбусларнинг навбатдаги гуруҳи озодликка чиқарилди. Ҳарбийлар берган маьлумотларга кўра, шу вақтга қадар 2000 нафар ироқлик маҳбус озод этилган.