Европа Иттифоқини бошқариб келаётган Ирландияда шанба куни Европа Иттифоқи ва АҚШ саммити очилади.

Ирландия Бош Вазири, Европа Иттифоқи раҳбари Берти Ахерн саммит кун тартиби ҳақида шундай деди:
«Европа Иттифоқи ва АҚШ саммити кун тартибидан бир неча муҳим масалалар, айниқса, савдо ҳамкорлиги, иш ўринларини яратиш ва келгуси инвестициялар ҳақидаги масалалар ўрин олган. Ироқ масаласига келсак, бизда БМТнинг янги резолюцияси бор ва Ироқдаги уруш масаласида қандай тортишувлар бўлишидан қат’и назар бизнинг ҳозирги позициямиз мана шу резолюцияга таянади. Вахоланки, ўтган йили бу масалада қизғин баҳслар бўлиб ўтган», — деди Европа Иттифоқи раҳбари Берти Ахерн.
Саммит хавфсизлигини таьминлаш учун 6 мингдан ортиқ ҳарбий ва полициячилар оёққа турғизилган. Бутун мамлакат бўйлаб Ироқдаги воқеалар, шу билан бирга Абу-Ғрайб қамоқхонасида маҳбусларнинг таҳқирланиши ва қийноққа солинишига қарши оммавий норозилик намойишларини ўтказиш режалаштирилган.
Бундай норозиликларга муносабати хусусида журналистларнинг берган саволига АҚШ Президенти Жорж Буш шундай жавоб берди:
«Мен умид қиламанки, ирландияликлар бизнинг мамлакатимиз буюк қадриятларини тўғри англайдилар ва қабул қиладилар. Агар кимдир Ироқда жиноят содир этган бир неча аскар бутун Қўшма Штатлар ҳақида тасаввур беради, деб ўйласа — у ҳолда ўша кимдир Американи умуман тушунмас экан», — деди АҚШ Президенти Жорж Буш.