Ўзбек-тожик чегара ҳудудларида миналар муаммоси

Арол Куни-кеча Тожикистон-Ўзбекистон чегара ҳудудларида пиëдаларга қарши кўмилган мина портлаши оқибатида яна бир тожик фуқароси оғир жароҳатланди. Кузатувчиларга кўра¸ 1999 йил 16 февралда Тошкентда юз берган портлашлардан кейин Ўзбекистон ҳукумати қуролли гуруҳлар хуружларининг олдини олиш мақсадида республиканинг Тожикистон¸ Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегарадош ҳудудлариаа миналар ўрнатган. Аммо ушбу миналар фақат тинч аҳолига талофат етказиб келмоқда. Ҳозирга қадар юзлаб кишилар ҳалок бўлган ва жароҳатланган. Яқинда Ўзбекистон ҳукумати чегара ҳудудларини миналардан тозалаш ишларини олиб боришга тайëр эканлигини билдирди.
26 июл куни Тожикистоннинг яна бир фуқароси черага ҳудудидаги минага учради. Натижада Абдуллаев исмли бу шахс чап оëғидан айрилди. Озодлик радиоси тожик хизмати мухбирининг хабар беришича¸ Абдуллаев Суғд вилояти чегара ҳудудида мол боқиб юрганида минага дуч келади ва умрбод ногирон бўлиб қолади.

Душанбедаги "Ерларни миналардан тозалаш маркази" бошлиги Жонмуҳаммад Ражабовга кўра¸ йиллардан буëн айни ҳодиса давом этиб келмоқда.
"Тўрт йилдан кўпроқ вақт ичида бундай ҳодисалар рўй бериб келмоқда. Бу - навбатдаги қурбонлардан бири. Суғд чегара ҳудудлари миналар боис хавфли минтақага айланиб қолган"¸ - дейди Ражабов.

Ўтган ой Ўзбекистон расмийлари мазкур ҳудудлардаги миналарни зарарсизлантириш ишларини бошлашга тайëрлигини расман маълум қилган эди.

Ўзбекистон ҳукумати расмийларига кўра¸ Ўзбекистон-Тожикистон чегара ҳудудларидаги миналарни зарарсизлантириш бўйича анча ишлар амалга оширилган ва бу иш давом этмоқда.

Бироқ Тожикистондаги "Ерларни миналардан тозалаш маркази" раиси Ражабовнинг билдиришича¸ Ўзбекистон бу ишни муваффақиятли амалга ошириши учун халқаро ëрдамга муҳтож.

"Шундай бир пайтда биз¸ яъни қўшнилар¸ Ўзбекистон билан бевосита алоқага кириб¸ миналарни зарарсизлантириш ишларини тезлаштириш бўйича музокаралар олиб боришимиз керак"¸ - деб ҳисоблайди Ражабов.

Жонмуҳаммад Ражабов Тожикистонда бу ишлар ҳозирги кунда БМТ ëрдамлари асосида амалга ошаëтганини билдирди.

Унинг маълум қилишича¸ бугунга қадар Тожикистон ҳудудидан 50 дан ортиқ снаряд ва бошқа турдаги портловчи мосламалар топилиб зарарсизлантирилган ва бу ҳаракатлар давом этдирилмоқда.