Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг Тошкентдаги Терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Олег Биченов жума куни пойтахтда содир этилган портлашларда исломий экстремистлар қўли борлигига ишонишини билдирди.

Жума куни Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари олдида ҳамда Республика Прокуратурасида содир этилган портлашларда уч нафар ўзбекистонлик нобуд бўлди.
Олег Биченовнинг Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига билдиришича, жума кунги портлашлар - тўрт ой муқаддам содир этилган шу каби портлашларга алоқадорликда айбланган 15 нафар шахс устидан маҳкама жараёнлари бошланганига ўч олиш мақсадида уюштирилган.
Биченовга кўра, милиция Тошкентда хавфсизликни таъминлаш учун барча зарурий чорани кўрмоқда.
Ўзбекистон Ички Ишлар вазири Зокиржон Алиматовга асосланиб ИТАР-ТАСС ахборот агентлигининг билдиришича, портлашларга алоқадорликда гумон қилинган бир гуруҳ шахс қўлга олинган. Аммо вазир бу ҳақда бошқа маълумот бермаган.
Интернетдаги баъзи исломий сайтлар, портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган исломий гуруҳлар ҳақида бир-бирига зид маълумотлар тарқатди.
Тошкентдаги АҚШ элчихонаси виза бериш ишларини тўхтатди ва Ўзбекистонда яшаётган америкаликларни эҳтиёт бўлишга чақирди.
АҚШ, Исроил ва БМТ расмийлари Тошкентдаги портлашларни террорчилик акти, дея баҳоладилар.