14 август куни Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳридаги қамоқхонада 14 ёшли қизчани ўлдирганликда айбланган шахс устидан чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилди. Бундай ҳукм Ҳиндистонда тўққиз йил мобайнида биринчи марта ижро этилмоқда.

Абдулла Эргаш
Қатл қилинган Ҳиндистон фуқароси Дананжей Чаттержи аслида бундан 13 йил олдин - 1991 йили осиб ўлдириш орқали олий жазога ҳукм этилди. Аммо ҳукмни ижро этиш ҳукумат вакилларининг ёдидан кўтарилди. Шундан сўнг Чаттержи 13 йилни қамоқхонада ўтказди. Унинг кечирим сўраб қилган мурожаати инобатга олинмади. Шу муносабат билан Калькутта ва Деҳлида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари норозилик акциялари ўтказишиб, ўлим жазосини бекор қилишни талаб қилдилар.