Икки француз журналистини гаровда ушлаб турган Ироқдаги қуролли гуруҳ ультиматум муддатини яна бир кунга узайтирди.

Тўлқин
Журналистларни гаровда ушлаб турган “Ироқ Ислом армияси” гуруҳи агарда Франция ҳукумати мусулмонларнинг Франциядаги ўқув муассасаларида бош кийим кийиб юришга бўлган тақиқни бекор қилмаса, гаровдагилар қатл этилишини билдирмоқда.
Франция ҳукумати қуролли гуруҳга ён беришдан бош тортди. Мамлакатда журналистларнинг гаровга олинишига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Париж уларнинг озод этилиши учун курашни давом эттирмоқда.
Ироқ шиалари Бош Оятуллоҳи Али Ас-Сейистонийнинг Лондондаги вакили Муртазо Кашмирий шундай баёнот берди:
“Ислом — меҳрибонлик ва бағрикенглик динидир. Бошқача айтганда, мусулмон у ёки бу мақсадга эришиши учун мантиқий музокараларга ҳар доим тайёр. Гаровга олишни бизнинг динимиз мутлақо, хусусан, мазкур вазиятда ҳам рад этади. Али Ас-Сейистоний бу каби ҳар қандай хатти ҳаракатни ман этган”.