Ироқ бўйлаб исёнчи гуруҳларнинг тарқоқ ҳужумлари давом этмоқда.

Тўлқин
Бугун Бағдоддан тахминан 40 километр шимолда бўлган Америка ҳарбий базаси яқинида миналаштирилган автомобил портлади. Портлаш оқибатида бир америка аскари, икки маҳаллий аҳоли вакили жароҳатланди.
Ироқнинг Бақуба шаҳрида бомба портлаши оқибатида тўрт ироқ фуқароси яраланди.
Ироқ полициясининг бугун берган маълумотига кўра, Байжи шаҳрида ўтган ойда ўғирланган Миср фуқаросининг жасади топилган. “Ироқ Ислом армияси” жанггарилари томонидан ўғирланган икки француз журналисти тақдири ҳақида ҳозирча янги маълумот йўқ.
Сўнгги хабарларга кўра, шанба куни Ироқ шимолидаги Киркук шаҳрида полиция академияси биноси олдида содир этилган портлаш оқибатида тахминан 25 дан зиёд киши нобуд бўлган ва 40 дан зиёд одам жароҳатланган.
Шунингдек, шанба куни Мосул ғарбидаги Талл-Афар шаҳри атрофида ҳукумат кучлари ва АҚШ қўшинлари билан исёнчи гуруҳлар ўртасида бораётган шиддатли жанглар оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, тахминан 13 киши ўлдирилган, 50 киши жароҳатланган.