Вадим Ляганов ошириб юборганга ўхшайди

Зикрилло Ишонч 8 сентябрь куни “Центазия” сайтида Вадим Лягановнинг “Ўзбекистон: маданият вазирлигими ёки цензура вазирлиги?” номли мақоласи эълон қилинди. Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистонда 1994 йилдан бошлаб кутубхоналарни “миллий истиқлол ғоялари”га мос келмайдиган адабиётлардан тозалаш жараёни олиб борилмоқда.
Мақолада таъкидланишича, Александр Пушкин, Николай Носов, Проспер Мериме, Оноре де Бальзак, Алексей Толстой, Максим Горький, Шарль Пьерро каби кўплаб Европа ва рус адибларининг асарлари кутубхоналар фондидан олиб ташланган.

“Озодлик” мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида мутасадди ташкилотларга мурожаат этди.

Ўзбекистон кутубхоналари миллий палатаси директори Зуҳриддин Исомиддиновнинг сўзларига қараганда, ҳар қандай кутубхонада маълум бир даврларда китобларни саралаш ишлари ўтказилиб турилади. Эскирган, фойдаланишга яроқсиз, ўқувчиларга тақдим этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган китоблар кутубхона фондидан олиб қўйилади. Мустақилликдан сўнг Ўзбекистон кутубхонасида ҳам шу каби ишлар амалга оширилган.

“Китоб мазмунан эскирмайди, аммо маънавий, ғоявий жиҳатдан яроқсиз бўлиб қолади. Гап уларнинг эскирганида эмас, ўқувчилар улардан фойдаланмай қўйганида. Ленин, Маркс, Энгельс асарлари, КПСС съездлари материаллари, хуллас, шўролар давлати тарғиботига қаратилган китоблар шундай адабиётлар сирасига киради. Улар кутубхоналар токчаларидан олиб қўйилган. Шуни эътибордан соқит қилмаслик керакки, бу асарларнинг нусхалари мамлакатнинг марказий кутубхоналарида сақлаб қолинган”, деди З.Исомиддинов.

З.Исомиддиновнинг билдиришича, баъзи раҳбарлар ўзини сиёсатни яхши тушунган инсон сифатида кўрсатиш учун айрим адабиётларни кутубхоналардан олдириб ташлаган бўлиши мумкин. Лекин бу оммавий эмас, якка-ёлғиз учрайдиган ҳолатдир.

З.Исомиддинов В.Ляганов мақоласида номлари эслатиб ўтилган адибларнинг китоблари кутубхоналар токчасидан олиб қўйилганини рад этди. У бу ҳақда фармон ҳам, қарор ҳам ёки бошқа турдаги ҳужжат ҳам бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилди.

“Пушкиннинг ҳайкалини пойтахтининг марказига ўрнатиб қўйган давлат унинг асарларини кутубхоналардан олдириб ташлаганини даъво қилиш мантиқсизликдир. Ўзбекистондаги исталган кутубхонага кириб, Пушкиннинг рус ва ўзбек тилидаги асарларини топиш мумкин”, деди палата директори.

Ўзбекистон кутубхоналари уюшмаси раиси Абдусалом Умаров ҳам умумжаҳон маданияти хазинасидан ўрин олган асарларнинг кутубхоналар фондидан чиқариб ташланганини тасдиқламади.

“Озодлик” мухбири мавзуни чуқурроқ ўрганиш, мазкур адиблар асарлари тақдирига шахсан гувоҳ бўлиш мақсадида Тошкентдаги “Турон” кутубхонасида бўлди. Кутубхона ходимаси Нозима Муслимова бу адибларнинг рус ва ўзбек тилидаги асарларини бирма-бир кўрсатди.