Ҳирот вилоятининг собиқ ҳокими Исмоилхоннинг юзлаб тарафдорлари БМТ ваколатхонасини ёқиб юборди.

Тўлқин
Шанба куни Исмоилхон Ҳирот вилояти ҳокимлиги лавозимидан бўшатилиб, унга ҳукумат раҳбари Ҳомид Карзай томонидан Кон ва саноат вазири лавозими таклиф этилган эди. Исмоилхон бу таклифни рад этди.
Исмоилхон таъсир доираси кучли, кўпмингсонли ўз армиясига эга бўлган қумандон. Бугун Исмоилхон тарафдорлари томонидан вилоят ҳокимининг ишдан четлатилиши муносабати билан қатор тартибсизликлар содир этилди. Хусусан, улар томонидан Ҳиротдаги БМТ ваколатхонасига ўт қўйилиб, Америка патрул хизмати вакилларига ҳужум уюштирилди. Ҳиротдаги вазият ҳақида воқеа жойидан “Озодлик” мухбири Басир Беҳзод шундай хабар қилди:
“Ҳозирда шаҳар Афғонистон миллий армияси назоратида. Улар асосий йўллар ва чорраҳаларни назорат қилиб туришибди. Кўчаларда, шунингдек, Америка патрул хизмати вакиллари ҳам бор. Вақти-вақти билан шаҳар узра Америка ҳарбий самолётлари кўтарилиб турибди. Ҳукумат кучлари ва Америка ҳарбий гуруҳлари Исмоилхоннинг уйи атрофини қамал қилиб туришибди” .