Қозоғистон пойтахти Астанада иш бошлаган МДҲ мамлакатларининг икки кунлик саммити доирасида давлат раҳбарлари орасида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Шунингдек, Беларус, Қозоғистон, Россия ва Украина лидерлари Ягона иқтисодий макон тузиш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашувда ягона космик корпорация тузиш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳақдаги таклифни Украина Президенти Леонид Кучма киритди.
Учрашув пайтида қилган чиқиши чоғида Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев жумладан бундай деди: "Ягона иқтисодий макон доирасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш мавзуси алоҳида тилга олишга арзийди. Бу масалада Украина Президенти Леонид Кучманинг космик соҳада кооперацияга бирлашиш тўғрисидаги таклифи келажаги бор таклифдир. Биз қўшма лойиҳаларнинг сони кетидан қувмаслигимиз керак. Мамлакатларимиз интеллектуал ва молиявий ресурсларини икки-учта самарали лойиҳага йўналтиришимиз лозим",- деди Нурсултон Назарбоев.