Битта адвокат иштирокида олти судланувчи устидан ҳукм ўқилди

20 сентябрь куни Наманган вилояти Чуст тумани жиноят ишлари судида конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ижтимоий хавфли ва жамият хавфсизлигига хавф туғдирадиган материаллар тайёрлаш ҳамда тарқатишда айбланган олти фуқаро устидан чиқарилган суд ҳукми ўқиб эшиттирилди.
Ҳукмда айтилишича, судланувчилар Қозоғистон ва Қирғизистонда истиқомат қилувчи экстремистик кайфиятдаги кишилар билан 1990-1992 ҳамда 1996-1997 йиллар давомида мустаҳкам алоқада бўлган.

Суд ҳайъати судланувчиларнинг ҳар бирини 6 йилдан 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Айбланувчиларнинг яқинлари айтишича, суд жараёнида олти нафар судланувчини учта адвокат ҳимоя қилган. Бироқ ҳукм ўқилаётганда судда улардан фақат биттасигина иштирок этган.

Суд жараёнларини кузатиб борган мустақил кузатувчи Равшан Холматовнинг сўзларига қараганда, судланувчиларга тергов жараёнида қийноқлар қўлланилган.