Бағдодда исёнчи шиалар ўз қуролларини пул учун алмаштиришга рози бўлди.

Тўлқин
Ироқ муваққат ҳукумати ва исёнчи шиалар ўртасида воситачи бўлган шахснинг маълум қилишича, шиаларнинг радикал раҳнамоси Муқтадо Ас-Садр ва Америка кўмондонлиги ўртасида бўлиб ўтган музокараларда қуролларни топшириш душанба кунидан бошланишига келишилган. Муқтадо Ас-Садр вакилига кўра, бу жараён 5 кун давом этади. Келишувга биноан Ас-Садр тарафдорлари қуролларини топшириб, эвазига пул билан тақдирланади.
Шунингдек, Ироқдан олинган бошқа хабарга кўра, Бағдод шаҳрида бугун мина ўрнатилган уч автомобилнинг портлаши оқибатида 20 га яқин киши ҳалок бўлди. Бағдоддаги Нефт саноати вазирлиги биноси ва Полиция академияси яқинида содир бўлган дастлабки портлаш оқибатида кўчадан ўтаётган йўловчилардан 17 киши ҳалок бўлди, шундан 7 киши аёллардир.
Иккинчи бомба шиалар яшайдиган Садр шаҳарчасида портлади. Бунинг оқибатида 3 ироқлик нобуд бўлди. Шаҳарнинг бошқа ҳудудида содир этилган портлашдан бир америкалик аскар жароҳатланди. Аммо қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида хабарларда турлича рақамлар келтирилмоқда.