Россия президенти Владимир Путин Тожикистонда Россия ҳарбий базасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Тўлқин
Тантанали маросимда сўзга чиққан Россия Президенти, жумладан, бундай деди:
“Қирғизистондаги авиация базаси билан биргаликда Тожикистондаги ҳарбий база минтақадаги ягона жамоат хавфсизлигининг ишончли бўғинига айланади” .
Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов Россиянинг минтақадаги ҳарбий иштироки иқтисодий жиҳати хусусида тўхталди, шунингдек, ҳарбий база ҳақида у, жумладан, бундай деди:
“Энди бу ерда бизнинг анчайин йирик ҳарбий базамиз қонуний равишда жойлаштирилади. Агар уларнинг сони хусусида гапирадиган бўлсак, беш мингдан зиёд россия ҳарбий хизматчиси доимий равишда Душанбе, Қўрғонтепа ва Кулобда хизмат қилади. Бу ҳарбий базалар жойлашган ер ва у ерда мавжуд бўлган барча иншоотлар беғараз Россия ихтиёрига топширилади” .
Унга кўра, Тожикистонда Россиянинг совет даврида шу ҳудудда мавжуд бўлган 201-девизияси жойлаштирилади.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов расмий Душанбе Россиянинг ҳарбий иштироки минтақавий барқарорликнинг муҳим омили деб ҳисоблашини таъкидлади.