АҚШ президентлигига номзод сенатор Жон Керри мамлакатнинг ҳозирги президенти Жорж Бушни Ироқда 342 тонна портловчи модданинг ғойиб бўлганлиги муносабати билан танқид қилди.

Хабарларга кўра, портловчи модда 2003 йилнинг апрел ойида, Саддам Ҳусайн режими ағдарилиб, мамлакатда тартибсизлик бошланганда, ғойиб бўлган. Жон Керри, жумладан, бундай деди:
“Буш маъмуриятининг ўта уқувсизлиги Ироқдаги қўшинларимизнинг янада каттароқ хавф-хатар остида қолишига сабаб бўлмоқда”.
Буш эса, ўз навбатида, Керрини Ироқдаги ғалабага сира кўника олмайдиган тушкун кайфиятдаги одам, деб айблади:
“Сенатор Ироқдаги Америка миссиясини хато, йўлдан озиш, улкан адашиш, деб ҳисоблайди. Айни пайтда, у ўзини бу урушда ғалаба қозониши мумкин бўлган ягона шахс эканлигини таъкидлайди”.
2 ноябрда АҚШда ўтказиладиган президентлик сайловига бир ҳафта қолди.