БМТ Бош Ассамблеяси эгаллаб олинган Озарбажон ерлари масаласини кўриб чиқади

23 ноябр куни БМТ Бош ассамблеяси Озарбайжоннинг эгаллаб олинган ерлари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқмоқда. Озарбайжон БМТнинг ушбу масала юзасидан чиқарган қарори Тоғли Қорабоғ билан боғлиқ можаросини ҳал қилишда ёрдам беришига умид қилмоқда. БМТ Бош ассамблеяси Кўриб чиқадиган резолюция Озарбайжоннинг худудий яҳлитлигини тасдиқлашга ва Арманистон эгаллаб олган ерларга арманларни кўчириш сиёсатини олиб бормоқда, деган иддаоларни текширишга чақиради.
Арманистон Озарбайжонга қарашли Тоғли Қорабоғ ва бу худудга туташган ерларни эгаллаб олганига 10 бўлган. Бугун Озарбайжон БМТ Бош ассамблеясидан ўзининг худудий яхлитлигини тан олинишини кутмоқда.

Сешанба куни БМТда муҳокама этилаётган резолюцияда Арманистон томонидан эгаллаб олинган худудлардаги вазият чуқур ташвиш туғдираётгани ва халқаро инсонпарварлик қонунлари бузилаётгани таъкидланади.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Элмар Мамадяровнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, Тоғли Қорабоғ худудида халқаро қонунлар ва меъёрлар бўзилаётгани ҳақидаги маълумотлар БМТда мазкур резолюцияни муҳокама этишга ундаган.

“Арманистон ҳукмати эгаллаб олинган худудларга арманларни кўчириш сиёсатини олиб бораётганидан ташвишдамиз. Биз буни халқаро инсонпарварлик қонунлари, жумладан 1949 йилдаги Женева конвенциясининг бузилиши, деб ҳисоблаймиз”, - дейди Озарбайжон расмийси.

БМТ резолюцияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини эгаллаб олинган худудга ўз вакилларини юбориб, вазиятни ўрганишга чақиради. Маълумки, бу ташкилотнинг “Минск гуруҳи”, деб номланувчи комиссияси Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик ўрнатиш музокараларида воситачилик қилиб келмоқда.

Арманистоннинг БМТдаги вакиллари мазкур резолюцияни ҳеч қандай изоҳламади. Бир ой олдин бу масала Бош ассамблеяда кўриб чиқилиши режалаштирилганда Арманистон расмийлари Тоғли Қорабоғ ташқарисидаги худудларда арманларнинг аҳоли пунктлари яратилмаётгани ва арманларни кўчириб олиб бориш сиёсати мавжуд эмаслигини айтган эди.

Шу ойнинг бошида Арманистон ташқи ишлар вазири Вартан Оскарян БМТда Озарбайжон томонидан кўтарилаётган масала Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг “Минск гуруҳи” олиб бораётган тинчлик ўрнатиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

АҚШнинг “Минск гуруҳи”даги вакили Стивен Маннинг Озодлик радиоси Озарбайжон хизматига айтишича, бу муаммони Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳал қилиши керак.

“Бир нарсани айтишим керак, бу масалани ҳал этишда ҳаммамиз кўп ҳаракат қиляпмиз. Лекин бизнинг фикримизча, бу масала Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳар доим ҳал қилиб келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доирасида кўрилса тўғри бўларди. Резолюцияга келсак, аввал бу ёки бошқа резолюция муаммонинг ечилишига қанчалик ҳисса қўшади, деган саволга жавоб беришимз керак”, - дейди Стивен Манн

Лекин Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Мамадяров БМТ резолюцияси Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этишга халақит бериши ҳақидаги фикрларга қўшилмайди.

“Мазкур резолюция тинчлик ўрнатиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган фикрга қўшилмаймиз. Бизнинг фикримизча, аксинча, резолюция тинчлик жараёнига ҳисса қўшади. Чунки арманларнинг аҳоли пунктларини яратиш борасида Арманистон тарафи яширин музокаралар олиб бораётган бир пайтда тинчлик ўрнатиш музокараларини очиқ кўнгиллик билан олиб бориш қийин”, дейди Мамадяров.

Озарбайжон Президенти Илхом Алиев сентябрда БМТ Бош ассамблеяси мажлисида қилган чиқишида БМТ Тоғли Қорабоғ муаммосини эътиборсиз қолдираётганини айтган эди. Шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгаши 1993 йилда қабул қилган Арманистон ҳарбий кучларини Озарбайжон худудидан олиб чиқиш ҳақидаги резолюциясини ҳам эслатиб ўтган эди.

Тоғли Қорабоғдаги уруш таҳминан 800 минг озарбайжонликнинг ўз жойларини ташлаб кетишига сабаб бўлган эди. Мана 10 йилдир-ки, қочқинлар ўз жойларига қайта олмайди ва мушкул аҳволда яшашга мажбур.