Фаластиндан олинган хабарларга кўра, фаластинликлар маҳаллий кенгаш аъзоларини сайлашни бошлаган.

26та худудда маҳаллий кенгаш сайловларида 140 мингдан ортиқ фаластинлик овоз бериш ҳуқуқига эга.
Бугун ўтказилаётган сайлов Фаластин худудларида охирги 30 йил ичида ўтказилган биринчи сайловдир.
Мазкур овоз бериш жараёни Фатаҳ партияси учун бир синов сифатида баҳоланмоқда. Маълумки, 9 январ куни ўтказиладиган Фаластин президентлик сайловида Фатаҳ партияси номзоди Маҳмуд Аббос асосий даъвогарлардан биридир.
Бугунги сайловларда Хамас жанггари гуруҳи номзодлари ҳам қатнашмоқда. Айтилишича, Хамас биринчи марта Фаластинда ўтказилаётган демократик жараёнда иштирок этмоқда.
Айни пайтда, Хамас жанггари гуруҳи етакчиси Исмоил Хония Британия Бош вазири Тони Блэйрнинг Лондонда Яқин Шарқ масаласига оид анжуман ўтказиш ташаббусини танқид қилди. Хамас етакчиси Фаластин раҳбарларини мазкур анжуманда қатнашмасликка чақирди.
Хония анжуман Фаластин раҳбарларини Исроил фойдасига ислоҳотларни амалга оширишга мажбур қилиш учун ўтказилажагини таъкидлади.
Фаластин Бош Вазири Ахмад Қурай ҳам Блэйрнинг таклифидан норози эканини билдирди.