Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзов АҚШ долларининг қадрсизланиши Украина ва Россияга сотилаётган туркман гази нарҳининг ошиши сабабларидан бири эканини билдирди.

Кеча Ашхободда ўтказилган матбуот анжуманида Ниёзов бундай деди:
“Бу қарор ортида ҳеч қандай сиёсий сабаб йўқ. Музокаралар пайтида долларнинг қадрсизлангани ҳақида гаплашдик. Ахир доллар қадри 35 фоизга тушиб кетди”.
Туркманистон ўтган шанба куни Россия ва Украинага газ етказиб беришни нарҳлардаги келишмовчилик сабали тўхтатиб қўйган эди.
Кеча, Украинанинг газ ва нефт ширкати раҳбари Ниёзов ҳукумати билан янги шартномани имзолади. Бу шартномага кўра, энди минг кубометр газ учун 44 АҚШ доллари эмас 58 доллар тўланади.
Ниёзовга кўра, Россияга ҳам айнан шу нарҳлар таклиф этилмоқда.
Ниёзов шунингдек, Туркияга Эрон ёки Россия орқали газ қувури ўтказишни таклиф қилди. Шунда Ашхобод Анкарага газгни арзонроқ нарҳда сотиш имкони пайдо бўлишини таъкидлади Ниёзов.