Бугун Жакартада жаҳон давлатлари етакчилари иштирокидаги учрашув бўлиб ўтди. Индонезия пойтахтида ўтаётган мазкур анжуманда Жанубий Осиёда рўй берган тўфондан азият чеккан мамлакатларга халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами масалалари муҳокама этилди.

Анжуманни очиб берган Индонезия Президенти Сусило Бамбанг Юдҳоёно фалокатни мисли кўрилмаган, деб атади. Шунинг учун кўрсатилаётган ёрдам ҳам мисли кўрилмаган бўлиши лозим, деди Индонезия раҳбари.
20 мамлакат расмийси, Европа Иттифоқи ва халқаро ёрдам кўрсатиш агентликлари бир кунлик анжуман давомида тўфон рўй берган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш масаласидан ташқари, бу мамлакатларнинг ташқи қарзларидан кечиш ва Ҳинд океанида цунамидан огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқишни ҳам муҳокама этдилар.
БМТга кўра, халқаро ҳамжамият томонидан ваъда қилинаётган ёрдам миқдори 4 миллиард АҚШ долларига яқинлашмоқда. Бироқ БМТ расмийларининг таъкидлашича, кўрсатилажак ёрдам узоқ муддатли бўлиши лозим.
Айни пайтда, БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, тўфондан омон қолганларга шу ҳафтанинг охиригача тоза ичимлик суви ва касалликларининг олдини олиш учун керак бўлган асосий воситалар етказиб берилмаса, фалокат қурбонлари сонининг 300 мингга етиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.