Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббосни қасамёдга келтириш маросими ҳафта охирига, шанбага қолдирилди. Режага кўра, маросим бугун ўтказилиши керак эди.

Исроил Бош вазири Ариэл Шарон Аббосни телефон орқали сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Аввалроқ Аббос Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича халқаро режага биноан Исроил билан музокараларни қайта тиклашга тайёр эканлигини билдирган эди.
Ғазо минтақасида бомба портлаб, Исроил фуқароларидан бир киши ҳамда уч аскар нобуд бўлди.
Ҳужум учун масъулиятни "Исломий жиҳод" гуруҳи ўз зиммасига олди. Гуруҳ вакилининг таъкидлашича, ўтказилган амалиёт пайтида "Исломий жиҳод"нинг икки жанггариси ҳам нобуд бўлган.
Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида Исроил ҳарбийлари билан бўлган отишмада фаластинлик икки жанггари ҳалок бўлди.
Исроил вертолётлари бугун эрталаб Ғазо минтақасидаги объектларга ҳаводан зарба берди. Қурбонлар тўғрисида хабар йўқ. Кеча Фаластин жанггарилари Ғазодан туриб Исроил ҳудудини яна бир бор ракеталардан ўққа тутган эди.