Яқин шарққа оид хабарга кўра, бугун Ғазо Минтақаси ва Исроил ўртасидаги чегара ҳудуди яқинида Исроил кучлари билан тўқнашувда икки фаластинлик жанггари ўлдирилган.

Ислом Жиҳоди жанггари гуруҳи вакилининг маълум қилишича, гуруҳнинг икки аъзоси Ғазодаги яҳудийлар шаҳарчасида автомашиналарга хужум қилган. Исроил ҳарбийларига кўра, хужумчилар отиб ўлдирилган.
Фаластин мухториятининг янги раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил билан тинчлик музокараларини тиклаш учун жанггари гуруҳларни хужумларни тўхтатишга чақирган эди. Бироқ охирги пайтларда минтақадаги зўравонликлар авжига чиқмоқда.
Айни пайтда, Исроил Бош вазири Ариэл Шарон Маҳмуд Аббосни зўравонликларни тўхтатиш учун чора кўрмаётганликда айблади ва Исроил армиясига жанггариларни йўқотиш учун барча чораларни кўриш ҳақида буйруқ берди.