Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти 150 кишидан иборат делегациясини Тожикистондаги сайловларни кузатиш учун юбормоқчи.

Бу ҳақда Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоали Болтуев маълум қилди. Болтуевга кўра, БМТ ва бошқа қатор халқаро ташкилотларнинг жами 400дан ортиқ кузатувчиси Тожикистонга келиши кутилмоқда. Улар орасида ЕХҲТнинг Инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар идораси вакиллари ҳам бўлади. Бу ҳақда ташкилот вакили Урдур Гуннардоттир "Озодлик" мухбирига маълум қилди.
"Дастлабки кузатувчилар гуруҳимиз Тожикистонга келаси хафта жўнайди. 28 кишидан иборат бу делегациянинг айримлари пойтахтдан ташқарида, айримлари эса пойтахт Душанбедаги овоз бериш жараёнини кузатишади", - деди Гуннардоттир.
Тожикистонда парламент сайловлари 27 феврал куни бўлиб ўтади. Парламентнинг юқори палатасига сайловлар эса 24 мартга белгиланган.