Бугун Қирғизистон парламенти собиқ дипломатларни парламент сайловларида қатнашиш имконидан маҳрум этувчи талабни бекор қилишга овоз берди.

Маълумки, Қирғизистон сайлов қонунига кўра, парламент сайловларида қатнашиш истагида бўлган фуқаролар бевосита сайловдан олдин мамлакатда беш йил истиқомат қилиши керак.
Қирғизистон парламенти бу қонун дипломатларга қўлланмаслиги лозим, деган қарор чиқарди.
Тўрт нафар собиқ дипломат – Роза Ўтунбоева, Усен Сидиқов, Медеткан Шеримқулов ва Мамбетюнус Абиловлар кейинги ойда бўладиган парламент сайловларида қатнашиш учун рўйҳатдан ўта олмаган. Чунки улар охирги беш йил давомида узлуксиз мамлакатда истиқомат қилмаган.
Бугун парламент қабул қилган тузатишни Президент Асқар Ақаев имзолаши лозим. Ақаев мазкур тузатишни 30 кун ичида имзолаши мумкин. Бироқ парламент сайловларида қатнашиш учун рўйҳатдан ўтиш муддати эртага тугайди.
Асаба миллий тикланиш мухолифат партияси етакчиси Азимбек Бекназаровнинг айтишича, президент қонунни вақтида имзоламаса, собиқ дипломатлрга оид машмаша президент томонидан махсус уюштирилган, деб ҳисоблаш мумкин бўлади.
“Қабул қилинган қонунга тузатишларни бугун-эрта жўнатсак ва президент янги қонунни 22 январгача имзоласа қонун кучга киради. Кучга киргандан кейин, тўртала диплоамт ҳам сайловда қатнашиш имконига эга бўлади. Агар президент қонунни вақтида имзоламаса, бу менинг шахсий фикрим, дипломатларга боғлиқ ҳамма машмаша президент томонидан махсус уюштирилган, деб ҳисоблаш мумкин бўлади”, - дейди мухолифат вакили.

Айни пайтда ички ишлар томонидан Бишкекда намойишлар уюштиришда иштирок этган икки мухолифатчи ҳибсга олингани хабар қилинмоқда. Намойишлар собиқ дипломатларга сайловларда иштирок этиш имкони берилишини талаб қилган.