Бугун Парижда Холокост қурбонлари ҳотирасига ёдгорлик очилди.

Ёдгорликда Франциядан нацистлар ўлим лагерларига олиб кетилган 76 минг яҳудийнинг номи битилган. Ёдгорликни Франция президенти Жак Ширак очиб берди.
“Мен шуни қатъи таъкидлайманки, антесемитизмга Францияда ўрин йўқ. Антисемитизм бу нуктаи назар эмас, бу ўлим хавфини пайдо қилувчи аҳлоқий бузуқликдир. Бу ëвузлик қаърига етакловчи нафрат ва бунга йўл қўйиб бўлмайди”¸ - деди Франция президенти Жак Ширак.
Ҳудди шундай тадбир Берлинда ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Германия канцлери Герхард Шрёдер жумладан шундай деди:
”Нацизм даври ва унинг жиноятларини доимо ёдда тутмоқлик маънавий бурчдир. Бу нафақат қурбонлар ёки тирик қолганлар ва уларнинг яқинлари олдидаги, балки ўз олдимиздаги бурчимиз хамдир”, - деди Германия канцлери Герхард Шрёдер.
Бу тадбирлар нацистларга тегишли бўлган Освенцим лагери озод этилганига 60 йил тўлиши муносабати билан ўтказилмоқда. Кеча БМТ Бош ассамблеясида ўтказилган махсус йиғилиш ҳам шу санага бағишланди.