Акромийлар устидан суд бошланиш арафасида

Турғунбек Хабарларга кўра, Андижонда акромийлар диний оқимига мансубликда айбланаётган 23 фуқаро устидан суд бошланиш арафасида турибди. Сўнгги кунларда мазкур оқимга алоқадорликда гумон қилиниб, яна 13 киши ҳибсга олинган.
Вилоят прокурори Баҳодир Деҳқонов 2005 йил 17 январда тасдиқлаган, Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси тергов бўлими бошлиғи томонидан имзоланган айблов хулосасида 23 фуқаро Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган диний оқимига мансублиги таъкидланади.

Улар Жиноят кодексининг диний экстремистик ташкилотлар тузиш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, диний экстремистик руҳдаги материаллар тарқатиш каби жами 6 моддаси бўйича айбланмоқда.

“Аппеляция” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг сўзларига қараганда, 1992 йилда Акром Йўлдошев исмли фуқаро диний уюшма тузган. Диний оқимнинг номи мана шу шахснинг исмидан олинган. Улар “иймончилар” ҳам деб аталади.

“Бу оқимнинг асосий фаолияти йўналишлари А.Йўлдошевнинг “Иймонга йўл” китобида белгилаб берилган. Мен бу китобни ўқиб чиққанман. Бу китобда давлатга қарши бўлиш ёки бирорта сиёсий мазмун йўқ”, - деди С.Зайнобиддинов.

С.Зайнобинновнинг билдиришича, А.Йўлдошев мана шу китоби учун икки марта жазоланган. 1998 йилда у судланиб, 2,5 йилга қамалган. Жазони ўтаётган пайтда амнистия бўйича озод этилган. Тошкентдаги 1999 йил 16 февралдаги портлашлардан бир кун ўтиб, А.Йўлдошев ҳеч бир асоссиз яна ҳибсга олинган ва 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Андижон вилояти бўлими раиси Лутфулло Шамсиддинов яқинда акромийлар оқимига аъзоликда айбланиб, яна 13 киши ҳибсга олингани, мазкур оқим аъзолари билан суҳбатлашган шахслар ҳам ушланаётганини маълум қилди.