Ироқда якшанба куни ўтган сайловлардаги овозларни ҳисоблаш жараёни бошланди.

Сайловнинг дастлабки натижалари яқин кунлар ичида маълум қилинади. Аммо сайловнинг якуний натижаларини аниқлаш 10 кунга чўзилиши мумкин. Сўнгги маълумотларга кўра, овоз беришда 60 фоиз сайловчи қатнашган. БМТ Бош Котиби Кофи Аннан Ироқдаги сайловни келажак сари ташланган муҳим қадам сифатида таърифлади:
"Ушбу сайловлар жараён якуни эмас, балки бу ироқликларнинг келажакда ўзлари қарор бера олишлари, ҳаётий муҳим масалаларни ўзлари ҳал қилишларига элтувчи ўтиш даврининг бошланишидир", - деди Аннан.
Европа Комиссияси президенти Жосе Мануэл Барросо эса Ироқдаги сайловларни демократия тантанаси деб атади:
"Ироқ сайловлари минтақа, қолаверса бутун дунёдаги демократия ва эркинлик учун курашаётган халқларга ижобий мужда бўлди", - деди Барросо.