Пайшанба куни ғойиб бўлган «Боинг-737» самолёти хусусида Афғонистондан қарама-қарши маълумотлар келмоқда

Дастлабки маълумотларда, гўёки Қобул шарқида ғойиб бўлган самолёт қолдиқлари топилгани айтилаëтган эди. Аммо кўп ўтмай Афғонистондан мутлақо бошқа хабар тарқатилди. Унга кўра¸ Қобул шарқида ҳеч қандай самолёт қолдиқлари топилмаган ва ғойиб бўлган «Боинг-737» самолëтини қидириш ишлари давом этмоқда.
Афғонистон транспорт вазири Иноятуллоҳ Қосимийга кўра:
— Самолёт Ҳиротдан пайшанба куни парвоз қилган. Экипаж аъзолари Қобул аэропорти ходимлари, диспетчерлик минораси билан сўнгги марта боғланганида, об-ҳаво ҳақида маълумот сўралган. Самолёт қўниш учун Бағрамдаги ҳарбий-ҳаво базасига йўналтирилди. У сўнгги бор радарда кўринганида, Қобулдан шарқда беш километр узоқликда эди, — деди Афғонистон транспорт вазири.