Нақшбандий издошлари қамалди

Тўлқин 17 февраль куни Тошкент вилояти жиноят ишлари суди “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айблаб, Юқоричирчиқ туманилик Абдурашид Тошматов ва Нурали Умрзоқовни 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Судланувчилар Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) ва 144-2-прим моддаси (диний экстремистик, сепаратистик ва фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланди.

А.Тошматов 1960 йилда, Н.Умрзоқов 1963 йилда туғилган. 2003 йилда А.Тошматов сутни қайта ишлаш корхонаси ташкил этган, Н.Умрзоқов эса шу корхонада ишлаган.

Судланувчилар ва уларнинг яқинлари бу йигитлар аслида нақшбандия тариқатини қабул қилгани, ноқонуний диний оқимларга умуман алоқадор эмаслигини, аксинча “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийликка қарши эканини айтмоқда.

Судланувчилар ва уларнинг адвокатлари суд мажлисларида қўйилган айблар уюштирилгани, тақиқланган варақалар уларнинг чўнтакларига ҳибсга олиш пайтида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қасддан ташлаб қўйилганини билдирди. Бироқ судда бу даъволар эътиборга олинмади.

Кузатувчилар ва судланувчиларнинг яқинлари судда бу йигитларнинг айбсизлиги исботлангани, шунга қарамай, уларга ноҳақ ҳукм чиқарилганини таъкидлади.

Судланувчиларнинг қариндошлари чиқарилган ҳукм юзасидан шикоят аризаси билан юқори суд идораларига мурожаат этишини маълум қилди.