Эрондан олинган хабарларга кўра, Керман вилояти ҳокими Муҳаммад Жавад Фадаей сешанба куни юз берган зилзила қурбонларининг сони 500 кишига етганини маълум қилган.

Зилзила оқибатида 900га яқин киши жароҳатлангани айтилмоқда.
Расмийларнинг маълум қилишича, вайроналардан жасадлар ҳали ҳам чиқариб олинмоқда, шунинг учун ҳам қурбонлар сонининг ошиши кутилмоқда.
Сешанба куни юз берган зилзила кучи 6,4 балл бўлиб, унинг маркази Заранд шаҳарчасида бўлган. Зилзила бир неча қишлоқни вайронага айлантирган. Ер қимирлашидан омон қолганларнинг кўпчилиги бошпанасиз қолган.
Бундан 14 ой олдин Эроннинг Бам шаҳрида рўй берган кучли ер силкиниши 30 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган эди.