Россия Давлат думаси раиси Борис Гризлов Москва билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўртасида минтақага оид масалаларда келишмовчиликлар мавжуд экани ҳақида маълум қилди.

Гризлов бу сўзларини ЕХҲТнинг навбатдаги қишки сессияси очилишида қилган нутқида айтди. У ЕХҲТ вакиллари ташкилотнинг Европадаги роли ҳақида жиддий ўйлаб кўришлар зарурлигини айтди.
Охирги пайтларда Кремл минтақада бўлиб ўтган сайловларда ЕХҲТ кузатувчиларининг фаолиятига норозилик билдириб келмоқда.
Хусусан, Россия ЕХҲТнинг Украина сайловларини кузатган миссияси борасида танқидий фикрлар билдирган эди. Ташкилот кузатувчилари сайловлар Россия тарафдори бўлган номзод фойдасига қалбакилаштирилган, деб хулоса чиқарган эди.
Россияга оид яна бир хзабарга кўра, бугун Россиянинг собиқ бош вазири Михаил Касянов Кремлнинг бугунги сиёсий ва иқтисодий йўналишини танқид остига олиб, кейинги президентлик сайловларида қатнашиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини маълум қилган.
Журналистларга берган баёнотида Касянов Россия демократик қадриятлар, бозор иқтисодиёти, шахсий мулк принциплари ва сиёсий плюрализм принципларига амал қилиши лозимлигини айтган.
Касянов ўтган йилнинг феврал ойида бош вазир лавозимидан истеъфога кетган эди.