Россиянинг «Аскарлар оналари» иттифоқи вакиллари Лондонда Аҳмад Закаев билан музокара ўтказди

Закаев Чеченистоннинг Аслан Масхадов раҳбарлигида фаолият қилган ҳукумат аъзоси эди.
«Озодлик» радиосига берган интервьюсида «Аскарлар оналари» иттофиқи вакиласи Ида Куклина, учрашув ҳақида шундай деди:
— Бу ердаги учрашув унинг илк бора ўтаётгани, ўта мушкил масалаларни кўриб чиқиш учун ажратилган вақтнинг танқислиги ва ниҳоят бу учрашувни ташкил этиш борасидаги уринишларимиз қийинчиликларга рўпара бўлганини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, музокаралар самарали бўлди. Аммо у осон ўтмади. Бу яна бир бор, тинчлик томон қадам ташлаш учун ҳаммамиз астойдил меҳнат қилишимиз лозимлигини исботлади, — деди Ида Куклина.
Аҳмад Зақаев билан ўтказилган музокараларнинг яна бир иштирокчиси, Литва собиқ президенти Витаутас Ландсбергиснинг айтишича эса:
— Мен учрашув натижаси ва бу учрашувнинг бўлиб ўтганидан жуда мамнунман. Ана шу далилнинг ўзи ўта мухим. Биринчи галда Россия жамоатчилигининг муносабати муҳим бўлади. Зеро¸ ўтказилган сўровларга кўра¸ 70 фоиз аҳоли бу урушни хоҳламайди. Менинг фикримча¸ айнан «Аскарлар оналари» ана шу 70 фоиз Россия аҳолиси фикрини ифода этади, — деди Литва собиқ президенти Ландсбергис.