Таъмирланмаса яхши эди

Лобар Гулистон шаҳрида 1991 йилгача қурилган кўп қаватли уйларнинг 90 га яқини сўнгги 3 йил ичида капитал таъмирланди. Таъмирлаш ишлари учун ҳар бир уйга ўртача 12 миллион сўм сарфлангани айтилмоқда.
Бироқ аҳоли вакилларининг айтишича, уйлардаги шароит таъмирдан сўнг ёмонлашса ёмонлашганки, яхшиланмаган.

Шаҳарнинг 4-мавзесидаги 15-уй таъмирдан чиқарилганига уч ойдан ошгани йўқ.

“Таъмирдан илгари уйнинг ертўласида сув бўлмас эди. Ҳозир эса ертўла сув билан тўла. Ҳамма жойни пашша босиб кетди. Иссиқлик тизими ҳам ёмонлашди. Иссиқ ва совуқ сув таъминоти издан чиқди”, - дейди 15-уйда яшовчилар.

Гулистон шаҳри уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси раиси Ином Йўлдошев сўзларига қараганда, уйларнинг томи, ертўлалари, подъездлари таъмирланмоқда. Таъмирдан чиққан уйларда бажарилган ишларни ширкатлар раҳбарлари қониқарли баҳолаган.

И.Йўлдошевнинг таъкидлашича, вилоят коммунал хизмат бошқармаси давлат бюджети ҳисобидан шу пайтгача шаҳардаги кўп қаватли 190 та уйни мукаммал таъмирдан чиқариши керак эди. Бироқ айни пайтда бор-йўғи 87 уй таъмирланди.

Бироқ уйлари таъмирланган айрим фуқаролар қувурларни алмаштириш учун ўзлари пул йиғиб берганини айтмоқда.

“Бу уйларни таъмирлаш учун ҳукумат томонидан пул ажратилган. Таъмирланган уйларни қабул қилиш комиссияси таркибида унда яшовчи аҳоли вакиллари йўқ”, - дейди фуқаролар.

Аҳоли кунлар исиб кетиши билан ертўла ва ҳовлиларда тўпланган сув юқумли касалликлар тарқатувчи манба бўлиб қолишидан хавотирга тушмоқда.

Хавотирга асос борлигини шифокорлар ҳам тасдиқлаяпти. Уларнинг эътирофича, чиқинди сув атрофида кўпаядиган пашша касаллик ташувчи асосий манбадир.

Мутахассислардан бири бошқа юқумли касалликлар билан бирга безгак тарқалиши эҳтимоли ҳам борлиги, лекин аҳоли ўртасида ваҳима қўзғалмаслиги учун бу хавф ошкор этилмаётганини билдирди.