Қирғизистондаги вазият бўйича қирғизистонлик ва халқаро кузатувчи ва таниқли инсонлар муносабат билдирмоқда.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жон Ордуэй мавжуд вазиятни тинчлик билан ҳал этишга чақирди.
“Ҳозирда Қирғизистондаги вазият жуда мушкул. Шунинг учун халқаро ҳамжамият каби биз ҳам томонларни тинчланишга ва зўравонликларга йўл қўймасликка чақирамиз. Қирғизистонда вужудга келган муаммони ҳал этиш учун ҳукумат ва мухолифат ўртасида жиддий мулоқот ўрнатилиши лозим”, - деди АҚШнинг Олмотадаги элчиси.
Бишкекдаги намойишга келган таниқли қирғиз кинорежиссери Бўлат Шамшиев Рейтерс ахборот агентлигига буларни айтди:
“Бу ерга одамларга нима бўлаётганини тушунтиргани келдим. Уларга зўравонликка йўл қўймаслик, қўлларига тош олмаслик кераклигини айтмоқчиман. Ҳаммамиз биргаликда, қўл ушлашиб “ҳурматли Асқар Ақаевич, сиз 15 йилдан бери ўтирибсиз, ҳурматингизни жойига қўйдик. Халққа, мамлакатга нима бўлаётганини кўряпсизми. Илтимос кетинг, ва халққа янги парламент сайлашига имкон беринг”, деб мурожаат қилишимиз керак”, - деди машҳур қирғиз кинорежиссери Бўлат Шамшиев.