АҚШ Давлат котиби Кондолизза Райс Вашингтон Исроилнинг Фаластин билан тинчлик битими доирасида Ғарбий Соҳилдаги яҳудийлар истиқомат қиладиган баъзи аҳоли пунктларини сақлаб қолиш истагини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Райс бу сўзларни Исроил радиосига берган интервюсида айтди. Исроил сиёсатини қўллаб-қувватлаш билан биргаликда Райс, Қуддус яқинида яҳудий аҳоли пунктларини кенгайтириш режалари борасида хавотир ҳам билдирди. Мазкур режаларни Фаластин раҳбарияти танқид қилган эди. Фаластинликларга кўра, режалар амалга ошадиган бўлса, бу уларни келажак давлат пойтахти бўладиган шаҳардан ажратиб қўяди.
Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилдаги баъзи яҳудий аҳоли пунктларини сақлаб қолиш ниятини аниқ баён қилди.
АҚШ томонидан қўллаб-қувватланувчи йўл харитаси, деб номланган тинчлик режасига кўра, босиб олинган ерларда Исроилнинг яҳудий аҳоли пунктлари қуришини тўхтатиш кўзда тутилган.