Қаҳрамон қишлоғи бир йилдан сўнг

Басира Бундан бир йил муқаддам - 2004 йил 28 март куни Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги Қаҳрамон қишлоғида Неъмат Раззоқов хонадонида кучли портлаш содир бўлганди.
Бу воқеа Тошкентдаги кетма-кет портлашлар ва отишмалар ибтидоси ҳисобланади.

Н.Раззоқов хонадонида юз берган портлаш натижасида ўша пайтда мазкур уйда бўлган ромитонлик 9 киши ва 40 кунлик чақалоқ – Марям ҳалок бўлди.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари портлашдан сўнг хонадондан бомба тайёрлаш учун ишлатиладиган моддалар ва бошқа ашёвий далиллар топилгани ҳақида ахборот берганди.

Мазкур портлашлар оқибати ўлароқ, 2004 йил октябрь ойида Бухоро вилояти жиноят ишлари суди 16 эркак ва 8 аёлни 4 йилдан 16 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Айни пайтда жазо муддатини ўтаётган Кумушбиби Раззоқованинг онаси Руқия Умарованинг сўзларига қараганда, суд бўлаётган пайтда терговчилар қизининг гуноҳи йўқлиги, шунинг учун суддан кейин оқланишини айтган. Аммо қизи 5 йилга қамалгач, амнистияга ҳам тушмаган.

Қаҳрамонликлар диний экстремизмда айбланиб қамалган қишлоқдошларининг оилалари билан дўстона муносабатда эканини билдирди.

Аммо фарзандлари қамалган ота-оналар ҳозир жуда тушкун кайфиятда.

Ўлмас Ҳошимованинг икки ўғли – Ғайратжон ва Ғолибжон ҳам диний экстремизм ҳамда террорчиликда айбланиб қамалган.

“Ўғилларим 15,5 йилданга озодликдан маҳрум этилган. Мен уларнинг айбсиз эканига ишонаман. Кичик ўғлим даладан бери келмас эди. Бундай ишларга аралашишга вақти ҳам бўлган эмас. Катта ўғлим эса Миср элчихонасида ишларди”, - деди Ў.Ҳошимова.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлганлар Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари келиб, ўзларини сўроққа тутиши мумкинлиги, шунинг учун кўплаб маълумотларни айтишдан чўчишини таъкидлади.

Уларнинг айтишича, 2004 йилда баҳордаги портлашларга алоқадорликда айбланиб қамалган яқинлари қийноқ остида ўзларига қарши кўрсатма беришга мажбур қилинган. Аслида уларнинг портлашларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Н.Раззоқовнинг портлашдан вайрон бўлган уйи ўрнига турмуш ўртоғи янги иморат соляпти. Машъум воқеани эса фақат кимсасиз ҳовлигина эслатиб турибди.