Кўнгиллилар қасамёд қилди

Тўлқин 5 апрель куни Тошкент шаҳрида АҚШ Тинчлик корпусининг Ўзбекистонда фаолият кўрсатадиган кўнгиллиларини қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтди.
Тинчлик корпуси кўнгиллари ҳозир дунёнинг 72 мамлакатида иш олиб боряпти. Ўзбекистонда эса улар 1992 йилдан буён фаолият кўрсатади. Бу гал қасамёдга келтирилган 64 киши Тинчлик корпусининг мамлакатда иш бошлайдиган навбатдаги 18-гуруҳи вакилларидир.

Тинчлик корпусининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Жеффри Миллингтоннинг сўзларига қараганда, ўтган 13 йил давомида Ўзбекистонда етти юздан зиёд кўнгилли хизмат ўтаган. Уларнинг вазифаси тинчликни тарғиб этиш, инсонпарвар халқларнинг бир-бирини яхшироқ англаши йўлида хизмат қилишдир.

“Бизнинг ишимиз қишлоқлардаги энг оддий инсонлар билан бевосита мулоқотда бўлиш, уларнинг ҳаётини, маданиятини ўрганиш, бу кишиларни АҚШ ва унинг халқи маданияти билан таништиришдан иборат”, - деди Ж.Миллингтон.

64 нафар кўнгилли Ўзбекистонда 11 ҳафта давомида тайёргарлик дастурини ўтагач, мамлакат қишлоқ ва шаҳарларида 2 йил давомида хизмат ўташга қасамёд қилди.

“Мен Америка Конституциясини ички ва ташқи душманлардан ҳимоялашга тантанали қасамёд қиламан. Адолат низомига амал қиламан. Мен бу маъсулиятни ўз хоҳишим билан, ҳеч қандай манфаат ёки ташқи таъсирларсиз қабул қиляпман ва Тинчлик корпуси олдида ўз вазифамни астойдил адо этаман”, - дейилади қасамёд матнида.

Маросимда иштирок этган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Пурнеллнинг таъкидлашича, қасамёддан кейин кўнгиллар ўзларини қабул қилган оилаларга тарқалади. Улар Ўзбекистоннинг Сурхондарёдан бошқа барча ҳудудларида иш олиб боради. Кўнгиллилар маҳаллий халқ маданияти, ўзбек ва рус тилларини ўрганиш билан бир қаторда соғлиқни сақлаш, инглиз тилини ўргатиш, фуқаролик жамияти соҳалари бўйича ҳам фаолият кўрсатади.

Қасамёд маросимида кўнгиллар 11 ҳафталик тайёргарлик жараёнида ўзбек тилини анча-мунча ўрганиб олганини намойиш этди. Улар ҳатто ўзбек тилида қўшиқ куйлади.