Эрон Президенти Муҳаммад Хотамий жума куни Ватиканда Рим Папаси Иоанн Павел Иккинчининг дафн маросимида Исроил президенти билан қўл бериб кўришгани ҳақидаги хабарни рад қилди.

Исроил Президенти Моше Кацавга асосланган хабарга кўра¸ Эронда таваллуд топган Кацав Хотамий билан қўл беришиб кўришган ва форс тилида қисқача суҳбатлашган.
Аммо Эрон расмий ахборот агентлиги бу хабарни инкор этмоқда.

Айни пайтда¸ Сурия ҳукумати Рим Папасининг дафн маросимида Президент Башар ал-Асад Исроил Президенти билан қўл беришиб кўришганини тан олди.
Суриянинг давлат тасарруфидаги ахборот агентлиги расмий манбага асосланиб билдиришича¸ Асад ва Кацав қўл бериб кўришган. Бироқ вазият тақозосига кўра юз берган бу учрашув ҳеч қандай сиëсий маъно касб этмайди.
Сурия ва Исроил узоқ йиллардан буëн уруш ҳолатида яшаб келмоқда.