Петер Штрук Ўзбекистонда

Зикрилло Ишонч 25 апрель куни Германия мудофаа вазири Петер Штрук Ўзбекистонга ташриф буюрди. Хабарларга кўра, у Самарқандда Ўзбекистон мудофаа вазири Қодир Ғуломов билан учрашган.
Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси ходими “Озодлик” мухбири билан суҳбатда П.Штрукнинг Қ.Ғуломовдан ташқари Самарқанд вилояти ҳокими билан учрашуви ҳам режалаштирилганини билдирди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Комил Жабборовнинг таъкидлашича, П.Штрук Афғонистонга кета туриб Самарқандда тўхтаб ўтган. Унинг Қ.Ғуломов билан учрашуви чоғида алоҳида масалалар кун тартибига қўйилмаган.

Термиз шаҳрида Германия қуролли кучларининг ҳарбий базаси мавжуд. Немис ҳарбийлари Афғонистонда амалга оширилаётган аксилтеррор операцияларда шу базадан ҳам фойдаланмоқда.

Ўзбекистонда ҳарбий ислоҳотлар жараёнида армияни НАТО стандартларига мослаштиришга катта эътибор қаратиляпти. Ўзбек офицерлари Германияда таълим олиб қайтмоқда.