Бугун Тожикистон демократик партияси расмийлари партия раҳбари Махмадрўзи Искандаров ҳибсга олинганига норозилик сифатида президент Имомали Раҳмонов раҳбар бўлган «Жамоатчилик кенгаши»дан чиққанини эълон қилди.

Бу кенгаш мамлакатдаги барча сиёсий партия, нодавлат ва маданият соҳасидаги барча ташкилотларни бирлаштирган.
Пойтахт Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тожикистон демократик партияси раис ўринбосари Рахматуллоҳ Валиев қарор ҳақида бундай деди:
“Тожикистон демократик партияси бу кенгашга аъзолигини вақтинча тўхтатади. Кенгаш қабул қилган қарорлар амалда тўлиқ бажарилмаётгани, охирги сайловлар демократик бўлмагани ҳамда Махмадрўзи Искандаров Москвада қўлга олиниб, Душанбега ноқонуний равишда олиб келингани учун партия аъзолари шундай қарор қабул қилди”.
Тожикистон ҳукумати Искандаровни терроризмга алоқадорлик, ноқонуний равишда қурол сақлаганлик ва давлат маблағини ўзлаштирганликда айблаган.