Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев Андижонда намойишчиларни ўққа тутиш борасида ҳукумат буйруқ бергани ҳақидаги айбловларни "асоссиз ва эхтиёткорсизлик билан қилинган баёнот" сифатида таърифлади.

Бу ҳақда Ғаниев бугун Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Дэвид Моран билан учрашувдан сўнг айтди. Ўзбекистондаги қонли воқеаларга муносабат билдиришда айнан Британия биринчилардан бўлиб кескин мавқэъини намаён этган эди. Британия ташқи ишлар вазири Жак Стро Андижонда намойишчилар ўққа тутилишини ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмаслигини айтган.
Строга кўра, ҳозирда асосий мақсад, Европа давлатлари элчилари ва журналистларнинг хавотирларга сабаб бўлаётган ҳудудга имкон қадар тез киритилишидир:
"Агар Европа Иттифоқи давлатлари дипломатлари ва журналистларнинг Андижонга боришлари амалга ошса ва улар вазиятни ўз кўзлари билан кўрсалар, ўйлайманки бу кўп нарсага ойдинлик киритишга имкон беради", - деди Жаноб Стро.