Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва мухолифат вакиллари Андижондаги қонли тўқнашув оқибатида юзлаб одам нобуд бўлганини айтишмоқда.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Абдулғофур Дадабоевнинг айтишича, унинг гуруҳдошлари Андижондаги ўликхоналарда камида 200та қонга беланган жасадни кўрган.
"Озод деҳқонлар" партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова эса унинг партиядошлари Андижонда уйма-уй юриб ўликлар ва бедарак йўқолган одамлар ҳақида суриштирувлар ўтказаётганини маълум қилди. Ҳидоятованинг айтишича, ҳозиргача ҳалок бўлгани тахмин этилаётган 745 одам рўйхати тузилган.
овоз
"Гувоҳларнинг маълумотлари ва топилган жасадлар сони бўйича шундай рўйхат туздик. Бу жасадларнинг кўпчилиги яқинлари томонидан айниқланган, кўпчилиги эса оммавий қабрларга дафн этилган. Яъни бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, Андижон ва Қорасувда ҳалок бўлганларни қўшиб ҳисоблаганда улар сони камида 700 кишини ташкил этади", - деди "Озод деҳқонлар" партияси аъзоси Ҳидоятова.