Халқаро ҳамжамият Андижондаги қонли воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирмоқда.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича фавқулодда вкаили Луиз Арбор Андижондаги воқелар мустақил равишда текширилиши лозимлигини баён қилди.
Арбор хоним ўтган жума куни Андижонда хавфсизлик кучларининг норозилик намойишчиларига нисбатан бетартиб ва ортиқча куч қўллаганидан хавотирда эканини маълум қилди.
Арборнинг матбуот котиби Хосе Диас иносн ҳуқуқлари комиссари хавотирлари хусусида буларни баён қилди.
“Арбор хоним шарқий Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида рўй берган воқеалар, у ердан келаётган зўравонликлар ҳақидаги ташвишли хабарлар ҳамда воқеалар, ўлдирилган ва жароҳатланганлар ҳақидаги турли талқинлар юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирмоқда”, - деди БМТ вакили.
Айни пайтда, АҚШ давлат котиби Кондолизза Райс Андижондаги қонли воқеалардан кейин, Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролик жамияти ва сиёсий ислоҳотларни амалга оширишга чақирди.
Сешанба куни Вашингтонда журналистларга берган баёнотида Райс Ўзбекистон ҳукуматидан террорчилар билан музокара олиб бориш талаб этилмаётгани, балки жамиятнинг очиқ бўлиши ва сиёсий ислоҳотларнинг амалга оширилиши даркорлиги ҳақида гап бораётганини айтди.
“Рўй берган воқеалардан кейин Ўзбекистон ҳукумати у ерда нима содир бўлганини тушуниб етиши ва тўғри хулосалар чиқаришига умид қиламан. Кўп одам нобуд бўлди ва бу хавотирга соладиган ҳолатдир. Чунки бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига ҳеч қандай шароитда йўл қўйилмаслиги керак.”
Шунингдек, бугун Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича вакили Ферреро Уолднер ҳам қонли воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказилиши лозимлигини баён қилди.