Ўзбекистоннинг Қирғизистон чегарасига яқин Қорасув шаҳрида юзлаб одам бугун ҳам норозилик намойишини давом эттирди.

Намойиш қатнашчилари жамоа етакчиси Бахтиёр Раҳимов ва у билан бирга қамоққа олинган ўнлаб шахснинг озод этилишини талаб этдилар. Бу ҳақда мухбиримиз Турғунбек хабар берди.
Бахтиёр Раҳимов ўтган хафта шаҳар намойишчилар назоратида бўлган пайт шаҳар бошчиси этиб сайланганди. Пайшанба куни Қорасув қайта ўзбек ҳарбийлари назоратига ўтгандан кейин эса Баҳтиёр Раҳимов ва яна бир қанча шахс хибсга олинганди. Бугун ҳам шаҳар ҳарбийлар тарафидан кучли қўриқланмоқда. Сўнгги вазият ҳақида мухбиримиз шундай хабар берди.
Бугун Андижонда ўнлаб фуқаро вилоят ички ишлар бошқармаси олдига тўпланиб, ўтган жума кунги қонли воқеалардан сўнг бедарак йўқолган қариндошлари ҳақида маълумот берилишини талаб этди.
Бу ҳақда яна мухбиримиз Турғунбек хабари.
Ўзбекистон расмийлари Андижондаги қонли воқеаларда 169 одам, шу жумладан 32 ҳукумат аскари нобуд бўлди, деган иддаода. Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар 1000 яқин одам Андижондаги ўққа тутишлар оқибатида ҳалок бўлганини айтишган.
Бу юзадан халқаро тергов бошлаш талаб этилганди. Аммо Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов халқаро ҳамжамиятнинг бу илтимосини рад этди.