АҚШ ва Афғонистон президентлари стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай АҚШга тўрт кунлик сафарини бошлади.
Афғонистон раҳбари Оқ Уйда АҚШ президенти Жорж Буш билан сўзлашув олиб борди. Музокарадан сўнг АҚШ президенти Жорж Буш сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаганини эълон қилди.
Жорж Буш Ҳамид Карзайни қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади. Оқ Уйда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида: “Мен Афғонистон келажагига ишонаман. Биринчидан, мен демократия умид уйғотишига ишонаман. Мен президент Ҳамид Карзай ишончли раҳбар эканига ишонаман” – деди АҚШ раҳбари.
Учрашув арафасида Ҳамид Карзай Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари олиб бораётган амалиётлар ҳамда Америка ҳарбийлари афғонистонлик маҳбусларга қўпол муомалада бўлинган масаласини кўтаришини айтган эди.