Ироққа оид яна бир хабарга кўра, Ироқ Бош вазири Иброҳим ал-Жафарий мамлакат парламентига ҳукуматнинг янги сиёсий дастурини тақдим этган.

“Сайланган муваққат ҳукумат конституциявий, демократик, федерал ва плюралистик Ироқнинг шакланнишига қаратилган ўзининг сиёсий дастурини миллий бирдамлик, ироқликларнинг инсоний ҳуқуқлари, жамоат ва шахсий мулкни ҳурмати қилиш, ҳамда мазҳабга оид, ирқий, диний ва сиёсий камситишни бартараф этишга асослади”, - деди ўз чиқишида ал-Жафарий.
Бош вазир Ироқнинг ташқи сиёсати мамлакатнинг бирлиги ва ҳудудий яҳлитлигини кучайтиришга асосланишини маълум қилди.
Шунингдек, ал-Жафарий ҳукумат мамлакатда барқарорликни ўрнатиш мақсадида миллий хавфсизлик ва мудофаа соҳаларига ҳам етарли эътибор қаратишини таъкидлади.
Айни пайтда, Ироқ Президенти Жалол Талабанийнинг маълум қилишича, мамлакатнинг собиқ президенти Саддам Ҳуссайн устидан ўтказилжак суд икки ой ичида бошанади.