Бугун НАТО Бош котиби Яап де Хооп Схеффер Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказилиши борасида Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишда давом этишини баён қилди.

НАТО раҳбари бугун берган баёнотида, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг бундай текширув ўтказишга розилик бермагани НАТО Парламент Ассамблеяси Ўзбекистоннинг Евро-Атлантик иттифоқдаги иштирокини қайта кўриб чиқишни тавсия қилишига олиб келгани айтилади.
Де Хооп Схеффер бу сўзларни Парламент ассамблеясининг Словения пойтахти Люблянада бўлиб ўтаётган мажлисида айтди.
Ассамблея бугунги мажлис давомида НАТОга аъзо барча мамлакатларни, Ўзбекистон ҳукумати халқаро текширувга рози бўлмагани тақдирда, ўзбек ҳарбий кучларига ҳар қандай ёрдамни тўхтатишга чақирувчи декларацияни қабул қилди.
Айни пайтда, АҚШ президенти Жорж Буш бугун Оқ уйда ўтказган матбуот анжуманида Андижон воқеалари хусусида берган изоҳида буларни айтди:
“Биз Халқаро қизил хоч ташкилотини Андижонга бориб нима бўлганини аниқлашга чақирдик. Эшитиб олинг, биз ўз дўстларимиздан, шунингдек, бизга дўст бўлмаганлардан ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва кам сонли миллатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишини истаймиз. Бу дунёнинг равнақ топиши ва тинчликнинг ҳукм суриши учун керак. Бу дунёда ҳукуматлар инсонларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши керак бўлади”, - деди АҚШ Президенти Буш.