Ғазо Минтақасидаги яҳудийларга тегишли уйлар Исроил армияси томонидан бузилганидан бир кун ўтиб, норози яҳудийлар тошлардан вақтинчалик уйларни қурмоқда.

Якшанба куни уйларни бузиш жараёнида 20 киши жароҳатланди ва уйларни бузишда иштирок этишдан бош тортган Исроил аскари ҳибсга олинди. Яҳудийларгша тегишли уйлар Исроил ҳукуматининг Ғазодан яҳудий аҳоли пунктларини олиб чиқиш режалари доирасида амалга оширилмоқда.
Бугун Исроил бош вазир ўринбосари Шимон Перес яҳудий аҳоли пунктлари учун Ғазода келажак йўқлигини айтди.
“Яҳудий аҳоли пунктларининг Ғазода келажаги йўқ. Шунинг учун ҳозирда амалга оширилаётган ишлар инкор қилиб бўлмайдиган ҳаёт тажрибасидир ва аҳоли пунктлари парламент ва ҳукумат қарорига биноан олиб чиқилади. Биз бу қарорни амалга оширишда муаммоларга дуч келишимизни биламиз, лекин улар бизни тўхтата олмайди ва қарорни ўзгартирмайди”, - деди Шимон Перес.
Исроил Ғазодаги 21 аҳоли пунктининг барчасини ва Ғарбий Соҳилдаги 120 аҳоли пунктидан тўрттасини олиб чиқишни режалаштирмоқда. Сўровларга кўра, исроилликларнинг кўпчилиги ҳукуматнинг режаларини қўллаб-қувватлайди, бироқ яҳудийлар аҳоли пунктларида истиқомат қилувчилар бунга кескин қаршилик билдирмоқда.