Мисрнинг Ироқдаги юқори мартабали дипломати Иҳан ал-Шариф шанба куни Бағдодда ўғирлаб кетилди.

Ал-Шариф биринчи июн куни Бағдодга борган эди. Июн ойининг ўрталарида эса Миср ҳукумати Ироқ билан муносабатларини яхшилаш ва Бағдодда ўз элчихонасини қайта очишни билдирган эди. Аммо Ал-Шарифга элчи мақоми берилгани ва унинг қандай ўғирлангани ҳақида ҳозирча тўлиқ маълумот берилгани йўқ.
Бошқа бир мисрлик дипломат Муҳаммад Мамдуҳ ҳелми Қутбни 23 июн куни ўғирлаб кетган исломчи жанггарилар гуруҳи Миср ҳукуматидан Ироққа куч юбормасликни талаб қилган эди. Бунга жавобан Қоҳира Ироққа аскар юбориш ниятида эмаслигини билдирганидан кейин 26 июн куни мисрлик дипломат озод этилган эди.