Эрон Ироқ билан ҳарбий ва аксил террор ҳамкорлик бўйича битимни имзолашга тайёр эканини маълум қилди.

Мазкур битимга кўра, Эрон Ироқ ҳарбий кучларини ўқитишда ёрдам кўрсатиши кўзда тутилган.
Ироқ мудофаа вазири Саадун ал-Дулаймий Эронлик ҳамкасби Али Шамханий билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида берган баёнотида, у Эронга Саддам Ҳуссайн қилмишлари учун кечирим сўрагани келганини айтди. 1980чи йилларда Ироқда диктатор Саддам Ҳуссайн ҳукмронлик қилган пайтларда Ироқ ва Эрон ўртасида уруш бўлган.
Эрон ва Ироқ ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка АҚШ қаршилик қилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга ал-Дуламий “битимни имзолашимизга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди”, деб жавоб берди.
Бугунги баёнот Ироқнинг Эронга нисбатан сиёсатида катта силжиш, деб баҳоланмоқда. Ўтган йили Бағдод Теҳроннинг ироқлик аскарларни ўқитиш борасидаги таклифини кескин рад этган эди.