Осиё давлатларига сафари доирасида Хитойга ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс АҚШ-Хитой муносабатларини ижобий, дея баҳолади.

Кондолиза Райс бугун Пекинда Хитой президенти Ху Цзинтао билан учрашди. Музокара чоғида асосий эътибор Шимолий Кореянинг ядровий дастури масаласига қаратилди.
Сўзлашувлар чоғида АҚШ давлат котиби Хитой ўз ҳарбий қудратини ошираётгани, мамлакатда муаллифлик ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқлари бузилаётгани каби масалаларни кўтарди.
Музокарадан сўнг Кондолиза Райс Хитой ҳукуматини Тайван расмийлари ҳамда сургундаги Тибет лидери Далай Лама билан яқиндан мулоқот қилишга чақирди.
Бугун Пекинда АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс АҚШ кучлари Марказий Осиёни тарк этиши ҳақидаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти чақириғини Вашингтон расмийлари рад этганини яна бир карра қайтарди.
Афғонистон масаласига тўхталган Кондолиза Райс Афғонистон халқи АҚШ ҳарбийлари мамлакатда бўлишини хоҳлашини ва улар АҚШ кучлари ёрдамига мухтожлигини айтди.
АҚШ Давлат котиби бугун кечқурун Хитойдан Таиландга борди.