АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Тожикистонга келди. Рамсфелднинг Душанбега сафари чоғида Тожикистон раҳбарияти Афғонистонда ҳаракат қилаётган халқаро кучларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришини таъкидлади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Талбак Назаров Душанбе бу борадаги ўз мажубриятларига содиқ қолиб келгани, бундан кейин ҳам содиқ қолажагини айтди. Расмфелд ўз навбатида, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам эканини таъкидлади.
Икки расмий бу сўзларни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтди.
Тожикистон Афғонистондаги амалиётлар учун АҚШ ҳарбий учқичларига ёқилғи етказиб, ўз ҳудудидан учиб ўтиш имконини берган. Душанбе аэропортида 200га яқин Франция қўшинлари ва иккита транспорт самолёти жойлашган.
Рамсфелд Душанбега келишидан олдин Қирғизистонда бўлиб, яқинда президент этиб сайланган Қурманбек Бакиев ва бошқа расмийлар билан учрашди. Бишкекдаги учрашувлар кун тартибидан ҳам ҳарбий масалалар ўрин олди.
Рамсфелд билан учрашувдан сўнг, Қирғизистон муваққат мудофаа вазири Исмоил Исоқов мамлакатдаги АҚШ ҳарбий базаси қўшни Афғонистондаги вазият қанча талаб этса, шунча вақт қолажагини айтди.
Бундан тахминан уч ҳафта олдин Қирғизистон ва баъзи қўшни давлатлар АҚШ ўзининг Марказий Осиёдаги ҳарбий базаларини олиб чиқиш вақтни белгилаши лозимлигини айтганда, минтақадаги Америка базалари тақдири савол остида қолган эди.
Бугун қилган баёнотида Рамсфелд Қирғизистондаги база Афғонистондаги халқаро амалиётларда жуда қўл келганини таъкидлади.
“Минтақадаги базаларимиз Афғонистонда давом этаётган халқаро уринишлар учун ва умуман аксил-террор ва аксил-наркотик уринишлар учун қўл келмоқда”, - деди Рамсфелд.